- Тошкентдан гапирамиз
- 17.06.2026, 10:32
Тошкент навигация тизимларида светофор таймерлари акс эттирилмоқда
Пойтахт ҳокимияти ҳузуридаги Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази транспорт инфратузилмасини рақамлаштириш ҳамда шаҳардаги ҳаракатни янада тушунарли, олдиндан баҳолаш мумкин бўлган ва хавфсиз қилишга қаратилган ечимларни жорий этиш ишларини давом эттирмоқда.
Ана шундай ечимлардан бири — навигация сервисларида светофор ишоралари алмашиш таймерларини кўрсатиш функциясидир. Ушбу функция ҳозирда пойтахтдаги 300 дан ортиқ светофор объектларида мавжуд.
Эндиликда ҳайдовчилар навигатор орқали нафақат светофорнинг жорий сигналини, балки унинг алмашишигача қолган вақтни ҳам кўришлари мумкин. Бу, айниқса, светофорларнинг ўзида тескари ҳисоб тақвимлари ҳали ўрнатилмаган чорраҳаларда муҳим аҳамиятга эга.
Лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Yandex Uzbekistan bilan ҳамкорликда амалга оширилди.
Светофор фазалари ҳақидаги маълумотларнинг интеграция қилиниши ҳайдовчиларга чорраҳадаги вазиятни олдиндан баҳолаш, stop-чизиқ олдидаги ҳаракатни аниқроқ режалаштириш ва транспорт оқимида хотиржамроқ ҳаракатланиш имконини беради. Бу пойтахт аҳолиси, шаҳар меҳмонлари, ҳайдовчилар ва навигаторлардан мунтазам фойдаланувчи барча учун қулайлик яратади.
📱 Аввал бундай маълумотларни кўрсатиш учун алоҳида иловалар яратилган бўлса, ҳайдовчилар учун энг қулай формат — маълумотнинг бевосита улар одатланган навигаторнинг ўзида пайдо бўлишидир.
📊 Yandex тадқиқоти маълумотларига кўра, ҳайдовчиларнинг 88 фоизи навигацияда светофор сигналлари кўрсатилишидан фаол фойдаланади. Иштирокчиларнинг 63 фоизигача бундай маълумот ҳаракатни олдиндан баҳолашни осонлаштиришини, 48 фоизигача рул бошида ўзини хавфсизроқ ҳис қилишга ёрдам беришини, 51 фоизигача эса сафарлар янада хотиржам ўтишини қайд этган.
⏱️ Бундан ташқари, светофор фазалари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш етиб бориш вақтини аниқроқ ҳисоблаш имконини беради. Йўналиш тузилганда нафақат светофорда ўртача кутиш вақти, балки жорий йўл ҳолати ҳам инобатга олинади.
Биринчи босқичда светофор таймерлари Yandex Maps va Navigator сервисларида, жумладан Apple CarPlay ҳамда Android Auto версияларида акс эттирилмоқда. Келажакда қамровни кенгайтириш ва қўшимча светофор объектларини тизимга улаш режалаштирилган.

📈 Boston Consulting Group томонидан эълон қилинган тадқиқотда Тошкент дунёнинг энг тез ўзгараётган шаҳарлари қаторида қ...

➡️ V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Бектемир тумани ҳокими Н. Абдураҳмонов Малайзиянинг «Spora Global Sdn B...
➡️ Биринчи босқичда аҳолини, ташаббускор гуруҳларни ва лойиҳа тарафдорларини унинг тафсилотлари, амалга ошириш тартиби, ...
