Deprecated: mysql_connect(): The mysql extension is deprecated and will be removed in the future: use mysqli or PDO instead in /var/www/vhosts/tashkent.uz/httpdocs/modules/frontend/news.php on line 4
 yashnobod.tashkent.uz Yashnobod.Tashkent.Uz - Ўзбекистоннинг Нефть-Газ Ва Энергетика Салоҳияти Намойиши
Фотогалерея
Видеогалерея
Ўзбекистоннинг нефть-газ ва энергетика салоҳияти намойиши - Бўлимга қайтиш

 

“Ўзэкспомарказ”да “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2017” ҳамда “Энергетика, энергия тежамкорлиги, энергиянинг муқобил манбалари – Power Uzbekistan 2017” халқаро кўргазмалари очилди. 

Тадбирлар “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Ўзсувэнерго” махсус бирлашмаси, Савдо-саноат палатаси, ITE Uzbekistan компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Кўргазманинг очилишида мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча тармоқларини, жумладан, нефть-газ ҳамда энергетика соҳаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди. 

Нефть-газ саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан. Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида табиий газ қазиб олиш бўйича етакчи ўринлардан бирида туради. Истиқлол йилларида мамлакатимиз нефть ва газ саноатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Мамлакатимиз газ, полиэтилен ва қайта ишланган нефть маҳсулотларининг йирик экспортчисига айланди. Иқтисодиётни эркинлаштириш, унинг барча соҳаларини, жумладан, нефть-газ тармоғини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган қулай сармоявий муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳада янги иншоотларни барпо этиш, мавжудларини замон талаблари асосида реконструкция ҳамда модернизация қилиш ишлари жадал давом этмоқда. Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ички бозорда маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, кооперация алоқаларини ривожлантириш учун қулай шароит, имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда нефть қайта ишланмоқда, автобензин, дизель ёқилғиси, мазут, нефть мойлари, битум, авиакеросин ишлаб чиқарилмоқда. Газни қайта ишловчи заводлар суюлтирилган газ ва полиэтилен ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришни мўлжаллаган. 

– Ушбу халқаро кўргазманинг илмий-техник аҳамияти жуда катта, – дейди “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бўлим бошлиғи Акмал Маткаримов. – Мазкур анжуман соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга, мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлашга, сармоявий фаолиятимизни ривожлантиришга хизмат қилаётир. Компаниямиз томонидан яқин истиқболда саксонга яқин лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Жорий йилда Инвестиция дастури доирасида хорижлик сармоядорлар иштирокидаги умумий суммаси 16 миллиард доллардан зиёд 20 лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Мазкур халқаро кўргазмада ҳам кўплаб фойдали шартномалар тузиш ниятидамиз. 

Хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай сармоявий муҳит, кенг имконият ва имтиёзлар чет эллик ишбилармонларнинг ҳамкорликка қизиқишини тобора оширмоқда. “Ўзбекистон нефть ва гази” кўргазмаси иштирокчилари сафининг йил сайин кенгайиб бораётгани мамлакатимиз нефть-газ саноати салоҳиятининг юксалаётганидан далолатдир. Бу галги кўргазмада Ўзбекистон, Хитой, Австрия, Афғонистон, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Дания, Италия, Индонезия, Жанубий Корея, Латвия, Нидерландия, Норвегия, Озарбайжон, Польша, Россия, Сингапур, Туркия, Украина, Франция, Чехия, Швейцария каби мамлакатлардан бир юз етмишдан ортиқ фирма ва компания қатнашмоқда. 

– “Ўзбекистон нефть ва гази” халқаро кўргазмасининг доимий иштирокчисимиз, – дейди Япониянинг “Мitsubishi Heavy Industries” компаниялар гуруҳи вакили Александр Бисикало. – Нефть-газ саноати соҳасида муҳим воқеа ҳисобланган ушбу кўргазма ўзбекистонлик шерикларимиз билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини бераётганидан ғоят мамнунмиз. Ўзбекистонда эркин ва самарали фаолият юритиш учун барча қулайлик ва имкониятлар мавжуд. 

“Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2017” кўргазмаси мутахассисларга нефть ва газ қазиб олиш, углеводородларни ташиш, қайта ишлаш борасида миллий ва хорижий компаниялар эришган энг сўнгги ютуқлар билан яқиндан танишиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Кўргазма павильонларидан нефть ва газ қазиб олиш, қайта ишлашни жадаллаштириш имконини берадиган замонавий технологиялар жой олган. Етакчи нефть-газ компаниялари томонидан соҳадаги энг сўнгги ютуқлар намойиш этилмоқда. 

Кўплаб мамлакатларнинг ёқилғи-энергетика мажмуи раҳбарлари, олим ва мутахассислар, ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этаётган “OGU 2017” кўргазмаси нефть-газ соҳаси борасида фикр ва тажриба алмашиш, ўзаро фойдали бизнес алоқаларини ўрнатиш ва мавжуд ҳамкорликни янада ривожлантириш, биргаликда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, янги шартномалар имзолаш имконини беради. 

«Энергетика, энергия тежамкорлиги, энергиянинг муқобил манбалари – Power Uzbekistan 2017» халқаро кўргазмаси энергетика тармоғида янги ишланмалар ва илғор технологияларни жорий этиш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда сармояларни жалб этишда муҳим амалий аҳамиятга эга. Қамрови ва иштирокчилари сафи тобора кенгайиб бораётган мазкур халқаро анжуман Ўзбекистоннинг энергетика мажмуасини ривожлантириш ва модернизациялаш борасидаги бой салоҳиятини намойиш этмоқда. Кўргазма стендларида электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш, иссиқлик билан таъминлаш соҳасидаги ишланмалар, энергияни ўзгартириш, узатиш ва тақсимлаш ускуналари, муқобил энергия манбалари, энергияни тежаш соҳасидаги энг янги ютуқлар, маиший мақсадларда қўлланиладиган иссиқлик, энергия, газ, сув ҳисобини юритиш ва назорат қилиш асбоблари сингари маҳсулотлар намойиш қилинмоқда. 

Мамлакатимизда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантиришга, гидроэнергетикани янада юксалтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар юксак самара бермоқда. Бу борада 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергиянинг экологик тоза манбаларидан кенг фойдаланиш ҳисобига энергетика янги қувватларини яратиш ва мавжудларини модернизация қилишда муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Кўргазмада Ўзбекистон, Хитой, Германия, Италия, Латвия, Польша, Россия, АҚШ, Туркия ва Украина каби мамлакатлардан қирқ бешта фирма ва компания ўз маҳсулот ва хизматларини таклиф этмоқда. 

Мамлакатимизда муваффақиятли фаолият кўрсатаётган “Chirchiq Transformator Zavodi”, “Hi-Tech Kabel”, “Procab” сингари компаниялар кўргазмада таклиф қилаётган энергетика ускуналари ва электротехника маҳсулотлари юқори сифати, халқаро андозаларга мослиги ва унумдорлиги билан кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. 

– Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор самарасида фаолиятимиз йилдан йилга кенгайиб бормоқда, – дейди “Hi-Tech Kabel” корхонаси тижорат директори Азизжон Усмонов. – Бугунги кунда корхонамиз қўшни давлатларга юқори сифатли кабеллар етказиб бермоқда. Кўргазмада хорижий шерикларни янада кенгайтиришни режалаштирганмиз. 

Кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришда, қўшма корхоналар ташкил этиш учун зарур шароит яратишда «Энергетика, энергия тежамкорлиги, энергиянинг муқобил манбалари – Power Uzbekistan 2017» кўргазмасининг аҳамияти катта. Мазкур тадбирдан асосий мақсад ҳам иқтисодиётимизни янада ривожлантириш, электр энергетикаси соҳасида фойдаланишга мўлжалланган илмий янгиликлар ва саноат ускуналарини, энг сўнгги технологик ишланмаларни намойиш этиш, тажриба алмашиш, корхоналар, ташкилотлар, фирма ва компаниялар ўртасидаги кооперация алоқаларини янада кенгайтириш ва шу орқали мамлакатимиз энергетика соҳасини янада тараққий эттиришдан иборатдир. 

– Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожланаётир, – дейди Россиянинг “Объединенная двигателестроительная корпорация” компанияси бўлим бошлиғи Алексей Лапин. – Ўзбекистонда иш юритиш учун барча зарур омиллар, қулай шароит, имкониятлар, преференциялар мавжуд. Хорижий ишбилармонларнинг мамлакатингиз бизнес одамлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиши катта. Мақсадимиз Ўзбекистон энергетика бозоридаги ўрнимизни кенгайтириш, янги ҳамкорлар топиш ва фойдали алоқаларни ривожлантиришдир. 

Мамлакатимизда энергияни тежайдиган замонавий технологияларни кенг жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда. Бунда муқобил энергиядан фойдаланиш кўламини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Муқобил энергия манбалари орасида қуёш энергияси алоҳида ўрин тутади. Серқуёш мамлакатимиз – қуёш нуридан энергия олиш технологияларини қўллаш учун жуда қулай. Ўзбекистоннинг ялпи қуёш энергиясининг йиллик салоҳияти 50 миллиард 973 миллион тонна нефть эквивалентига тенгдир. Қуёш энергияси экологик софлиги ва қулайлиги нуқтаи назаридан истиқболлидир. Қуёш қурилмалари, айниқса, марказлашган электр ва иссиқлик тизимларидан узоқда жойлашган ҳудудларни электр энергияси ва иссиқлик билан таъминлашда қулайдир. 

Кўргазма энергетика саноатининг электр энергетикаси, электротехника, кўмир саноати, қурилиш, энергия объектларини ҳимоялаш, автоматлаштириш, назорат қилиш ва бошқариш каби барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Унда турли электр машиналари ва бутловчи қисмлар, паст ва юқори вольтли ускуналар, кабеллар, симлар, изоляторлар, трансформаторлар, электр-монтаж ускуналари, ёритгичлар, ёруғлик ўлчаш асбоблари ва техник хизмат кўрсатишга оид кўплаб бўлимлар мавжуд. 

Кўргазмаларнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди. 

Беҳзод Бозоров, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА

18.05.2017

http://uza.uz/oz/business/zbekistonning-neft-gaz-va-energetika-salo-iyati-namoyishi-17-05-2017

Олдин      Кейин

Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
Сайтда фойдаланувчилар сони: 30
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони
Тоифа Сони
Қабул қилинган 8
Ижрода 3
Ижроси таъминланган 5

ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ!

 

Ишонч телефон

(+9989 71) 283-33-32

Девонхона

(+9989 71) 291-16-40

Шикоятлар бўлими

(+9989 71) 283-33-32

Факс

(+9989 71) 283-33-32

 


Хабар қолдиринг

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар